Китоб тақдимоти: “Тун тонгга туташ”
Пушкин номидаги Самарқанд вилоят ахборот - кутубхона марказида таниқли ёзувчи ва мунаққид, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Илҳом Ҳасановнинг “Тун тонгга туташ” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Илҳом Ҳасанов филология фанлари номзоди, доцент. 1980-91 йиллар давомида Самарқанд давлат университети филология факултьетида фаолият юритган. Шу йилларда “Сафар, “Ота”, “Олтин балиқча”, “Осма кўприк”, “Латофат”, “Ишқобод фожиаси” каби ҳикоялари эълон қилинган. Кейинчалик адиб драматургия соҳасида ҳам самарали меҳнат қилиб “Бир кам дунё” песасини яратган. Асар Самарқанд вилоят драма театрида муваффақият билан саҳналаштирилганидан кейин кўплаб томошабинларнинг кўнглидан жой олган.
“Тун тонгга туташ” тўпламида ёзувчининг адабиёт олами, бу маконда сўз айтмоқлик юкининг залворини кўнгил-кўнгилдан ҳис қилиб ёзган ҳикоялари жамланган.
– Халқимиз орасида “Яхши сўз увол бўлмайди,” деган қадим ҳикмат бор. Илҳом Ҳасановнинг “Тун тонгга туташ” тўплами инсон қалбига энг гўзал, энг соф ҳиссиётлар улашади, - дейди СамДУ филология факультети талабаси Муяссар Мустафоева, - Ёзувчи ижоди билан танишар экансиз, бир-бирини такрорламас тасвирларга дуч келасиз. Айримларини ўқишингиз билан беихтиёр ўзбек адабиётининг забардаст ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг пейзаж тасвирлари кўз олдингизда гавдаланади. Бундан англаш мумкинки, ёзувчи Илҳом Ҳасан ўзбек адабиётимизнинг қалами ўткир адибларидан бири бўлган.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.