Самарқанд давлат университети аниқ ва ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими ўқитувчиси Муҳаммадихон Бузруков Халқаро таълим дастурлари маркази 2-курс талабаларига "Эски ўзбек ёзуви" фанидан "Қўлёзма асарларга хос ёзув усуллари" мавзусида очиқ дарс ўтди.

    - Инсониятнинг энг буюк кашфиётларидан бири ёзув ҳисобланади. Юртимиз тарихининг жуда катта қисми араб ёзувидаги манбаларда ўз аксини топган, - дейди Муҳаммадихон бузруков. - Араб ёзуви санъат асари ва гўзаллик намунаси сифатида тан олинган. Буни аждодларимиз қолдирган қўлёзма асарлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Китобнинг яратилиши биринчидан, кўплаб воқеликлар ва ҳодисаларни ўзида мужассам этади.     Иккинчидан, уларни бутун дунёга тарғиб этиш, кейинги авлодларга етказиш вазифасини бажармоқда. Китоблар, қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар бугунги кунгача билим манбаи сифатида қадрланиб келинмоқда. Самарқанд давлат университетида ёш авлодга ноёб қўлёзма манбаларни ўргатиш учун барча шароитлар яратилган. Маълумки бундай тарихий манбалардан фойдаланиш қатъий тартибда олиб борилади. СамДУ илмий-амалий музей лабораториясида эса талабаларни бевосита асл манбалар билан танишиши, улардан дарс давомида фойдаланишлари учун махсус шароитлар яратилган. Халқаро таълим дастурлари маркази 2-курс талабалари "Эски ўзбек ёзуви" фанидан “Қўлёзма асарларга хос ёзув усуллари” мавзусини айнан шу ерда ўтгани бежиз эмас. Дарс давомида талабалар бу ерда сақланаётган тарихий манбалар билан танишди. Уларнинг ёзув усулларини бир бири билан солиштириб ўрганди. Ёш авлодга ёзма манбаларнинг илмий, тарихий, маданий аҳамиятини етказиш долзарб ҳисобланади.

 

    Самарқанд давлат университети

    Ахборот хизмати.