Самарқанд давлат университети ва Германия университетлари ҳамкорлиги
Самарқанд давлат университетига Германия университетлари вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов учрашув ўтказди.
Фридрих Шиллер номидаги Ена университети, Ильменау техника университети, Нордхаузен, Шмалкалден, Эрнст Аббе ва Эрфурт амалий фанлар университетлари ректор ва проректорлари билан бўлиб ўтган мулоқотда томонлар учун муҳим бўлган мавзулар: илм-фан, таълим ва инновация соҳаларида истиқболли ҳамкорлик доирасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш каби масалаларда келишувлар муҳокама қилинди.
Германиянинг қадимий ва етакчи олий таълим муассасалари ҳисобланган мазкур университетлар билан профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ўзаро ҳамкорликда илмий лойиҳаларни амалга ошириш, табиий фанлар, менежмент ва муҳандислик соҳаларида алоқаларни яхшилаш, академик мобилликни йўлга қўйиш, қўшма таълим ва ёзги мактаб дастурлари ишлаб чиқиш масалалари келишиб олинди.
– Ривожланаётган мамлакатлар олдидаги энг асосий вазифа таълимни ислоҳ қилиш ва аҳолининг интеллектуал салоҳиятини кўтаришдир, - дейди Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов, - Барча босқичларда сифатли таълим тизимини шакллантириш бугунги Ўзбекистон учун энг долзарб масала. Албатта, сўнгги йилларда иқтисодиёт ва ижтимоий-сиёсий соҳада катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо, барқарор тараққиёт учун бунинг ўзи камлик қилади. Халқаро ҳамкорлик бизга, энг аввало, муҳим масалаларда тажриба алмашиш, мутахассис ва талабаларимиз учун жаҳонга чиқиш имконини беради. Ўйлайманки, бугунги учрашув Самарқанд давлат университети ва Германия университетлари ўртасида самарали ҳамкорлик алоқаларига пойдевор бўлиб хизмат қилади.
–Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик ўрнатишдан ғоятда мамнунмиз, - дейди Нордхаузен университети ректори Йорг Вагнер, - Нордхаузен университети энергетика, муҳандислик, ахборот технологиялари, ресурсларни қайта ишлаш каби соҳаларда ҳамкорлик учун тайёр. Бугун мазкур масалада малакали мутахассислар ва илмий тадқиқотчилар учун манфаатли алмашинув дастурлари жорий қилиш бўйича келишиб олдик. Эндиги вазифа амалий дастур ва режалар ишлаб чиқиш бўлади.
Учрашувдан сўнг делегация аъзолари Самарқанд давлат университетининг археология ва зоология музейлари билан танишди.
Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.