Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд давлат университети ва университет ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлиси Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ҳақида турли хил бўҳтон ва туҳмат гаплар тарқалмоқда. 40 йилга яқин давр мобайнида университетда фаолият юритаётган педагог сифатида Рустам Холмуродовнинг илмий, педагогик ва ташкилий фаолияти ҳақида ўз фикрларимни билдирмоқчиман.

    Фаолиятим тақозо этгани учун дунёнинг нуфузли университетларига амалга оширилган ўнлаб саёҳатларда Рустам Холмуродовга ҳамроҳлик қилиб, домланинг иштирокида халқаро учрашувлар, музокаралар ва бошқа юқори савиядаги тадбирларда қатнашганман.

    Бу тадбирларнинг барчасида Рустам Холмуродов етук олим сифатида ўзининг ақл-заковати, дунёқараши кенг раҳбарлиги, хушмуомалалиги билан суҳбатдошлари эътиборини тортади. Олим нафақат олий таълим, балки таълимнинг барча босқичларидаги муаммоларини яхши билади.

    Рустам Холмуродов бир қатор мамлакатлардаги таълим тизимининг ютуқларидан яхши хабардор. Мактабгача таълимдан тортиб олий таълимдан кейинги  босқични модернизация қилиш бўйича ўз ғоялари билан матбуотда тез-тез чиқишлар қилиб туради. Тараққий этган мамлакатларда тўпланган илғор тажрибаларни ўрганиб, уларни шароитимизга мослаштирган ҳолда мамлакатимиз таълим тизимига жорий этиш дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси билан СамДУ да Трансформация офиси ташкил этилган. Марказ ходимлари таълим, фан ва маданият соҳаларидаги илғор тажрибаларни ўрганиб, амалиётга жорий этиш бўйича таклифлар тайёрламоқда.

    Бундан ташқари, университетда дунёнинг етакчи университетларидан таклиф этилган улкан тажрибага эга етук олимлар самарали меҳнат қилмоқда. Бугунги кунга қадар Самарқанд давлат университети кафедраларида 100 дан ортиқ етакчи олимлар қисқа ва узоқ муддатли ташрифлар доирасида “Таклиф этилган профессор” дастури бўйича ўз илмий-педагогик фаолиятини олиб бормоқда. Рустам Холмуродов ташаббуси билан Халқаро таълим дастурлари маркази ташкил этилган бўлиб, унинг негизида Европа, Америка, Осиё мамлакатлари ҳамда Россия Федерацияси университетлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бакалавриат ва магистратура йўналишларининг қўшма таълим дастурлари фаолият кўрсатмоқда.

    Талаба ва тадқиқотчиларимиз ушбу дастурлар бўйича таҳсил олиш орқали замонавий билим олиш ва ўз ғояларини амалга ошириш учун ноёб имкониятларга эга бўлди. Рустам Холмуродов раҳбарлигида факултетлар сони кўпайди, фан ва маданият соҳасида янада катта ва муҳим таълимий вазифалар юклатилган институтлар, янги ўқув тузилмалари, замонавий фан ва техниканинг устувор йўналишлари бўйича лабораториялар ташкил этилмоқда. Талабалар контингенти бир неча баравар кўпайди, ўқитувчилар даражаси ошди, университетнинг халқаро рейтинги юксалди.

    Рустам Холмуродовнинг замонавий СамДУ талабалар шаҳарчасини лойиҳалаш ва модернизация қилишдаги ўзига хос тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ. Бу кўплаб хорижлик меҳмонлар ва университет ходимлари томонидан юқори баҳоланмоқда. Ростини айтсам, баъзида талабалик йилларимга қайтиб, янги, замонавий хоналарда ўқигим келади...

    Фикримни якунлаб, шуни айтмоқчиманки, ҳар биримиз ўз ишимизга Рустам Холмуродов сингари масъулият билан ёндашсак, муваффақиятимиз янада улкан бўлади. Мен Рустам Холмуродовдек иқтидорли раҳбар қўл остида ишлаётганимдан мамнунман ва Самарқанд давлат университетида фаолият кўрсатаётганлигимдан фахрланаман!

    Самарқанд давлат университети

    Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи

    Мухтор Носиров фейсбук саҳифасидан олинди