Самарқанд давлат университетида янги ўқув йили муносабати билан “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Талабаликка бағишлов” номли тадбир ўтказилди…
Анжуманда илмий жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, талабалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўз билан очди:
- Бугун биринчи босқичга қабул қилинган талабалар илк бор Самарқанд давлат университети ўқув хонасига киради. Бу кун талабаларнинг хотирасида бир умрга сақланади. Йиллар ўтади, бу давр ёшларнинг ҳаётида нақадар муҳим эканлигини тушунишади. Давлатимиз раҳбари томонидан талаба-ёшларнинг ўқиши учун барча имкониятлар яратилди. Ўнлаб талабалар хорижий стажировкага юборилди. Буларнинг барчаси сизларнинг яхши ўқишингиз, сифатли таълим олишингиз учун амалга оширилмоқда. Сиздан фақат ўқиш талаб этилади. Барчангизни талабаликка қабул қилинганлигингиз билан табриклайман. Келгуси ишларингизга улкан муваффақият ва зафарлар тилайман.
- Бугун орзуим амалга ошди, талабалик бахтига муяссар бўлдим. СамДУ математика факультетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим, - дейди Шоҳиста Ҳакимова. – Оилам учун Самарқанд давлат университети қадрли, ота-онам ва опам ушбу даргоҳда ўқиган. Улар доим СамДУда ўқигани билан фахрланган. Ҳамма вақт талабалик йилларини яхши хотиралар билан эсга олади. Мени ҳам университетдан умидларим катта. Келажакда СамДУда оладиган билимларим билан ҳаётда ўз йўлимни топишга ишонаман. Барча талабаларга бугунги кун муборак бўлсин!
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат Акрамов олган суратлар.