Самарқанд давлат университетида тарих факультети талабалари ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ташкил этилди. Тадбир аввалида ота-оналар фарзандлари таҳсил олаётган факультетда бўлишди. Ўқув жараёнлари, музей, кутубхоналар фаолияти билан танишди.           

    Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ғояси асосида яратилган фильм ота-оналар эътиборига ҳавола қилинди. Фильмда оддий оиладан чиқиб, билим, таълим олиш орқали юқори натижаларга эришган қаҳрамонларнинг ҳаёт йўли акс эттирилган.  

    “Ўзингизга ишонинг! Сиз улар каби кучлисиз. Билим эгалланг. Умидсизликка тушманг. Фақат олдинга, фақат олға…” шиори асосида тайёрланган мазкур фильм тадбир иштирокчиларига катта таассурот қолдирди.

    Тадбирда Самарқанд давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Рустам Йўлдошев сўзга чиқиб, ота-оналар билан мулоқот қилди.

    - Қизим, Рухшона Самарқанд давлат университети тарих факультетида ўқийди. Ота-оналар учрашуви биз учун манфаатли бўлди, - дейди Нилуфар Шарипова. – Тадбирда намойиш этилган фильмдан таъсирландим. Қаҳрамонларнинг ҳаёт йўлини кўриб, ота-онанинг фарзанд таълими ва тарбиясидаги роли нақадар муҳимлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Мен ўқимаганман, фарзандларим зиёли бўлишини жуда хоҳлаганман. Уларнинг ўқиши учун янада кўпроқ шароит яратиб бераман.

    - СамДУ раҳбариятидан миннатдорман. Ота-оналар фарзандларига қилолмаган шароитларни яратиб бермоқда, - дейди Муқаддас Тўхтаева. – Бугун университетдаги имкониятларни кўрдим, қизим Райхонанинг минтақадаги энг яхши олий таълим муассасасида таҳсил олишидан фахрландим. Учрашувда фильмни кўриб, фарзандларимизнинг ўқиши учун янада кўпроқ қайғуришимиз лозимлигини англадим. Болаларимиз ота-оналарининг меҳнатини қадрлаши, давлат яратган шароитларни оқлаши учун ҳам яхши ўқиши керак.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.