СамДУ да “Интеллектуал авлод билан янги Ўзбекистон сари” шиори остида ўтказилаётган мазкур конференсиянинг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

    Анжуманни ўтказишдан мақсад иқтидорли ва қобилиятли ёшларни илмий тадқиқот ишларига йўналтириш, замонавий техника ва технология, ахборот-коммуникацион маданиятини пухта ўзлаштирган етук ёш мутахассисларни тарбиялашга кўмаклашишдир. Шунингдек, ёшлар ўртасида ўзаро илмий-ижодий ҳамкорлик муҳитини, дўстлик алоқаларини ривожлантириш, ўзаро фикр-мулоҳаза ва тажриба алмашишлари учун шароит яратиб бериш, ёшларни фан-техника тараққиёти йўлида бирлаштиришдир. 
    Иқтидорли талабалар ўртасида ўтказилаётган мазкур конференсия ижтимоий-гуманитар, табиий, аниқ, техника фанлари каби йўналишларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттиради.

    Анжуманда университет магистрант ҳамда талабаларидан ташқари Тошкент ўзбек тили ва адабиёти университети, Бухоро давлат университети, Бухоро муҳандислик технология институти, Жиззах политехника институти, АнДУ, ҚарДУ, ФарДУ, Фарғона политехника институти, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт университети, шунингдек, Самарқанд вилоятида деярли барча олий таълим муассасаси талабалари ва магистрантлари иштирок этишмоқда.