Халқаро семинар: "Мўғул ва Темуриулар империясидаги Ўрта Осиё қўлёзмалари (ХIII-ХV асрлар)"
Самарқанд давлат университети тарих факультетида Австрия Фанлар академияси Эроншунослик ва Марказий Осиё илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда "Мўғул ва Темуриулар империясидаги Ўрта Осиё қўлёзмалари (ХIII-ХV асрлар)" мавзусида халқаро семинар ташкил этилди.
Анжуманда АҚШнинг Индиана университети профессори, таниқли тасаввуфшунос олим Девин ДеВеэсе “Мўғуллар истилоси ва Ўрта Осиёда билимларнинг узатилиши: қўлёзма китоб маданияти, оғзаки ва ёзма маълумотларнинг кесишуви, ХIII-ХV асрлар” мавзусида чиқиш қилди. Маърузада мўғуллар даврида даврда фаолият кўрсатган олимлар фаолияти ва илмий меросига оид янги маълумотлар ноёб қўлёзма манбалар асосида тақдим қилинди.
Шунингдек, семинарда Австрия фанлар академияси, Германиянинг Саксон фанлар академияси, Англиянинг Кембриж, Оксфорд, Голландиянинг Лейден университети, Германиянинг Мюнхен, Шотландиянинг Сент-Эндрюсс университети, Ўзбекистон ҳамда Тожикистон фанлар академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг таниқли олимлари маъруза қилди.
Маълумот учун, мазкур анжуман 27 май куни Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида бошланган. Тадбирда “Қўлёзмалар ва халқаро ҳамкорлик” мавзусидаги маҳаллий ва хорижий олимларнинг давра суҳбати ва “Қўлёзмалар кўрсатади ва айтади” шиори остида айрим қўлёзмалар намойиш этилди.
Анжуман, 29-30 май кунлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 8 шўбага бўлинган ҳолда давом этади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.