Хитойлик олимлар билан аграр соҳадаги ҳамкорлик масалалари янги босқичга кўтарилди …
Самарқанд давлат университетига Хитой Халқ Републикасининг Жануби-ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик университети илмий ишлар бўйича проректори профессор Луо Жун бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Хитойлик олимлар билан Самарқанд давлат университет илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов мулоқот қилди.
Учрашувда томонлар ўртасида аграр соҳа бўйича ўқув ва илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти билан қишлоқ хўжалигининг долзарб йўналишларида илмий лойиҳалар олиб бориш, қўшма лабораториялар ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш каби масалалар келишиб олинди. Айниқса, мамлакатимизда стратегик экинлардан ҳисобланган буғдой ва ғўзанинг қурғоқчиликка чидамли янги навларини яратиш ва уларнинг ҳосилдорлигини оширишга қаратилган илмий-тадқиқотларга устуворлик берилиши келишилди. Бу соҳада Жануби-ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик университети томонидан катта натижаларга эришилган ва мазкур технологияларни Ўзбекистон шароитига трансфер қилиш ва мослаштириш бўйича яқиндан ҳамкорлик олиб боришга делегация аъзолари томонидан розилик берилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида СамДУ проректори Ҳаким Хушвақтов бошчилигидаги делегация Жануби-ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик университетида бўлиб, ҳамкорлик масалалари келишилган эди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.