Амалий ишлар даври: Самарқанд давлат университетида Еунгнам университети билан ҳамкорликда халқаро тадбир ўтказилди...
2024 йил январь ойида Самарқанд давлат университети тарих факультети декани, профессор Дилфуза Жўрақулова бошчилигидаги делегация Жанубий Кореянинг Еунгнам университетида бўлди. Ташриф давомида мазкур университетнинг тарих, маданий антрополигия ҳамда музейшунослик бўлимлари раҳбарлари билан учрашди. Мулоқот давомида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, симпозиумлар ташкил этиш ва тажриба алмашишлар белгиланган эди.
Халқаро ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида СамДУ га Еунгнам университетининг профессорлари Ким Жаэ Ёун ва Леэ Эун Жеонг бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Учрашув давомида СамДУ тарих факультети ва Еунгнам университети маданий антропология бўлими ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Расмий учрашувдан сўнг “Ўзбек ва корейс халқларининг маданий алмашинуви” номли тадбир ўтказилди. Тадбирда халқларимизнинг миллий урф-одатлари кўрсатилиб, миллий чолғу куйлари ижро этилди.
Шундан сўнг "Академик симпозиум ва ўзаро маданий алмашинув" номли халқаро тадбир ўтказилди. Анжуманда СамДУ ва Еунгнам университети олимлари икки давлат тарихчилиги бўйича қизиқарли маърузалари билан иштирок этди.
Леэ Эун Жеонг, Еунгнам университети музейшунослик бўлими директори, профессор:
- Самарқандга илк бор келишим. Доим ушбу машур тарихий шаҳарда бўлишни орзу қилганман. Самарқанд ҳақиқатдан ҳам очиқ осмон остидаги музей. Ўзининг тарихийлиги, маданийлиги билан одам алоҳида ажралиб туради. Айниқса Регистон мажмуасини синчиклаб кўрмасликнинг иложи йўқ. Ҳар бир нақшлари, бурчаги дид билан ишланган. Бинолари ҳашаматли ва жозибадор. Самарқанд давлат университетида ташкил этилган халқаро анжуманда иштирок этганимдан хурсандман. Ташкилотчилардан миннатдорман. Тадбир юқори савияда ўтди. Самарқандда тажриба алмашишимиз биз учун муҳим.
Ким Даэ Воок, Еунгнам университети профессори:
- Самарқанд давлат университети фаолияти билан танишиш менга завқ бағишлади. Университет 600 йиллик бой тарихга эгалиги мени қувонтирди. СамДУ даги археология ва Самарқанддаги «Афросиёб» музейлари менда катта таассурот қолдирди. Самарқанд давлат университетида кореялик профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчиларнинг фаолият кўрсатиши таҳсинга сазовор. Афросиёб музейида қадимий Корея элчиларининг деворий тасвирларини кўриб, халқаларимиз қадимдан алоқалар ўрнатганлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Ўзим учун янги тарихни кашф қилдим.
Маълумот учун, Самарқанд давлат университетида жорий йилнинг февраль ойида Еунгнам университети билан ҳамкорликда “Инсон ресурсларини бошқариш ва Саэмаул таълимоти” илмий-тадқиқот маркази очилган эди…
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.