Самарқанд давлат университети Хитойнинг халқаро альянсига аъзо бўлди…
Самарқанд давлат университети Хитой Халқ Республикасининг “Ипак йўлидаги қишлоқ хўжалиги таълими ва тадқиқотларида инновациялар” халқаро альянсига аъзоликни қўлга киритди.
Жорий йилнинг 10 июль санасида Тошкент шаҳрида “Ипак йўлидаги қишлоқ хўжалиги таълими ва тадқиқотларида ҳамкорлик” 9-халқаро форуми ўтказилди.
Анжуман доирасида Самарқанд давлат университетига мазкур альянснинг аъзолик сертификатини Альянс раиси, Хитой Жануби-ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик университети президенти Ву Путе топширди. Сертификатни СамДУ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов қабул қилиб олди.
Мазкур альянсга дунёнинг 30 га яқин давлатларнинг етакчи аграр олий таълим муассасалари ва илмий марказлари аъзо саналади. Альянсга аъзолик Хитой ва дунёнинг бошқа ривожланган мамлакатларида қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган илғор ютуқлар билан ўзаро танишиш, тажрибалар алмашиш, ушбу етакчи университетлар билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш имконини яратади.
Форум доирасида Ву Путе, СамДУ проректори Ҳаким Хушвақтов ва Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори Тошпўлот Ражабовлар иштирокида алоҳида учрашув ташкил қилинди. Мулоқотда аграр соҳада томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Буғдойнинг қурғоқчиликка ва тупроқ чўрланишига чидамли бўлган янги навларини яратиш устида илмий-тадиқотлар олиб боришга келишилди. Маълумот учун, буғдой навларини яратиш соҳасида Хитойнинг мазкур университети салмоқли натижаларага эришган.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.