Самарқанд давлат университетига 5 юлдузли университет мақоми берилди...
Самарқанд давлат университети дунёнинг энг нуфузли Quacquarelli Symonds (QS), Times Higher Education каби рейтинг агентликлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бунинг натижасида Самарқанд давлат университети Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб QS Stars рейтингида 5 юлдузли мақомни қўлга киритди.
QS Stars тизими олий таълим муассасаларини глобал миқёсида баҳоловчи дунёнинг 3 энг йирик рейтинг агентликларидан бири бўлган Буюк Британиянинг QS халқаро рейтинг агентлиги томонидан 2009 йилда университетларга ўзларининг кучли соҳаларини тарғиб қилиш, заиф томонларини аниқлаш ва яхшилашга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган.
QS Stars рейтинги университетларни 13 категория бўйича: таълим сифати, битирувчиларнинг ишга жойлаштириш, тадқиқот, халқаролаштириш, академик ривожланиш, қулайликлар, онлайн таълим, инновациялар, санъат ва маданият, инклюзивлик, ижтимоий масъулият, атроф-муҳитга таъсир ва танланган мутахассислик мезонларига асосланган ҳолда баҳолайди. Мазкур рейтингга кириш учун университетлар энг камида юқоридаги 8 йўналишни танлаб маълумотлар тақдим этади.
Рейтинг тизимининг асосий мақсади бўлажак талабаларга университет танлашда фойдаланиш учун қўшимча восита бериш, алоҳида муассасалар ҳақида чуқурроқ маълумот беришга қаратилган.
QS компанияси Самарқанд давлат университети фаолиятини баҳолашни 2023 йил 1 ноябрда бошлади ва натижалар 2024 йил эълон қилинди. 8 фаолият йўналиши ва 50 дан ортиқ кўрсаткичлар бўйича маълумотлар чуқур таҳлил қилинди. Унга кўра университет иштирок этган кўрсаткичлар бўйича тўплаш мумкин бўлган максимал 1000 балдан 780 балл тўплади (5 юлдузли университет бўлиш учун тўплаш лозим бўлган минимал кўрсаткич 700 балл).
Таълим сифати категорияси бўйича мавжуд 4 кўрсаткичнинг 3 таси, жумладан, талабаларнинг таълим сифатидан ва университетда яратилган шароитлардан қониқиш даражаси, битирувчиларнинг таълимни кейинги босқичларида давом эттириш кўрсаткичлари бўйича максимал баллни қўлга киритган.
QS томонидан глобал миқёсда иш берувчилар ўртасида ўтказилган сўровномалар натижаларига кўра Самарқанд давлат университети 158 нафар иш берувчилар томонидан сифатли кадрлар етказиб бериши эътироф этилилди. Университет битирувчиларининг 90 фоиздан ортиғи ўқишни тугатгандан кейин 24 ой ичида доимий ишга жойлашди. Самарқанд давлат университетида «Карьера» маркази ишга жойлаштириш хизматлари ташкил этилди. Натижада битирувчиларнинг ишга жойлашиши кўрсаткичи доирасида ҳам 5 юлдузга эга бўлди.
Сўнгги йилларда СамДУда 20 га яқин қурилишлар: ўқув бинолари, талабалар турар жойлари, спорт иншоотлари, илмий лабораториялар, IT марказ қад ростлади. Бу эса QS рейтинг агентлиги томонидан ҳам эътироф этилди. Университетда яратилган қулайликлар категорияси бўйича ҳам 5 юлдуз билан баҳоланди.
Танланган таълим йўналиши категориясида баҳолаш учун физика таълим йўналиши танланган эди. Физика йўналишида ўқишга киришда ҳар бир ўрин учун 15,8 нафар абитуриент ариза топширганлиги, талабаларнинг 94 фоизи ўз вақтида ўқишни тугатаётганлиги, 94,1 фоизи эса таълим сифатидан мамнун эканлиги натижасида бу йўналишда ҳам 5 юлдуз қўлга киритилди.
Рейтингдаги яна бир муҳим кўрсаткичлардан бири бу ижтимоий масъулиятдир. СамДУ талабаларининг 79 фоизи самарқандлик эканлиги ҳудудий инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади. Бундан ташқари СамДУ ташаббуси билан Нуробод ва Қўшрабод туманларида 17 гектар боғ барпо этилди.
QS stars рейтинг тизими университетларга хорижлик талабаларни муайян устувор фан йўналишлари бўйича жалб этишга ёрдам беради.
Университетдаги таълим сифатини QS каби халқаро миқёсда ишончли ташкилот томонидан тасдиқланиши ўз брендини ривожлантириш ва бозор эҳтиёжларига мос келадиган академик дастурларни таклиф қилиш имконини беради.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.