Самарқанд давлат университетида Хитой-Ўзбекистон селекция ва уруғчилик маркази ташкил этилади…
Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори, доцент Тошпўлот Ражабов шу кунларда Хитойнинг Урумчи шаҳридаги Шинжон қишлоқ хўжалик академиясида бўлиб турибди.
Сафар давомида Шинжон қишлоқ хўжалик академияси олимлари билан ҳамкорликда ғўза ва буғдойнинг эсктремал иқлим шароитларига чидамли бўлган янги навларини яратиш масалалари муҳокама қилинди. Шу мақсадда мазкур академиянинг ғўза ва буғдой тадқиқотларига ихтисослашган қатор лабораториялари, тажриба-синов иссиқхоналари ва илмий марказлари фаолияти билан яқиндан танишилди. Айниқса, ген муҳандислиги асосида ғўза ва буғдойнинг янги навларини яратиш жараёнлари, яратилган мазкур навларнинг ўсиш ва ривожланиш хусусиятларини ўрганишга қаратилган тадқиқотлар кўздан кечирилди.
Юқоридаги ҳамкорликни йўлга қўйишнинг илмий платформаси сифатида Шинжон қишлоқ хўжалик академияси олимлари билан ҳамкорликда Самарқанд давлат университетида Хитой-Ўзбекистон селекция ва уруғчилик марказини ташкил этишга келишилди.
Ушбу марказни ташкил этишнинг муҳим босқичлари, молиялаштириш манбалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашувлар давомида мазкур академиянинг Ғўза муҳандислиги технологияси илмий маркази директори ўринбосари профессор Мамат Турсунжан ва Ядро технологиялари ва биотехнология институти директори ўринбосари Зҳанг Юеқианглар билан гўза ва буғдой бўйича муҳокамалар олиб борилди.
Ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари ва имкониятларига қаратилган муҳокамалар давом эттирилмоқда…
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.