"Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун демографик маълумотлардан фойдаланиш"...
Самарқанд давлат университети ижтимоий-иқтисодий география кафедраси профессори Лутфуло Ибрагимов шу номли ёзги мактабда иштирок этди.
Мазкур сайёр ёзги мактаб Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги «Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институтининг ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармасининг (УНФПА) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ёзги мактабда республиканинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 18 нафар тингловчи иштирок этди.
Ёзги мактабда БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг халқаро экспертлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Давлат статистика агентлиги, Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти, Иқтисодиёт ва молия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассислари томонидан демография ва гендер масалалари бўйича илмий маърузалар ва маҳорат дарслари ўтказилди.
Ёзги мактаб ёш олимлар ўртасида билим ва тажриба алмашиш, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институтининг эксперт ва ёш олимлари базасини янада кенгайтириш, республикамиз олий ўқув юртларида демография соҳасида фаолият олиб борадиган тадқиқотчилар билан доимий ҳамкорлик қилиш имконини беради.