Самарқанд давлат университетида қўшма таълим дастурларини 2024-йилда битирган битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди...
Унда Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов, халқаро таълим дастурлари маркази директори Сардор Умаров, профессор-ўқитувчилар ва битирувчилар иштирок этди.
Самарқанд давлат университети халқаро таълим дастурлари марказида шу кунга қадар 8 та хорижий давлатнинг 11 олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда 13 бакалавр ва 10 магистратура мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастурлари фаолияти йўлга қўйилган. 2023-2024-ўқув йилида 42 нафар бакалавриат ва 2 нафар магистратура талабалари таҳсилни муваффақиятли тамомлади.
Тадбирда Россия Федерациясининг Томск давлат миллий тадқиқот университети билан ташкил этилган Иқтисодиёт ва рақамли иқтисодиёт қўшма таълим дастурларини тугатган 14 нафар талабаларга ҳамкор олий таълим муассасаси ва Самарқанд давлат университетининг дипломлари топширилди.
– Қўшма таълим дастурлари хорижнинг етакчи университетлари билан ҳамкорликда мамлакатимиз иқтисодиёти ва ривожи учун зарур бўлган, юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, замонавий кадрлар тайёрлаш бўйича сифат ва юқори самарадорликка эришиш кўзланган, - дейди Самарқанд давлат университети халқаро таълим дастурлари маркази директори Сардор Умаров, - 2024-2025-ўқув йилида ҳам университетда магистратура мутахассисликларида мамалакатимизнинг келгуси ривожланишига ҳисса қўшадиган кадрлар тайёрловчи қўшма таълим дастурларини очиш мақсад қилиб олинган. Янги ўқув йилидан бошлаб Америка Қўшма Штатларининг Вебстер университети билан Биология, Кимё ва Психология йўналишларида бакалавриат қўшма таълим дастури ташкил қилиш белгиланган. Шу билан биргаликда, бугунги кунда ТОП-1000 таликка кирувчи дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда.