Самарқанд давлат университетида Жанубий Корея билан ҳамкорликда ақлли иссиқхоналар қурилади…
Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти Жанубий Кореянинг Ҳанкёнг Миллий университети билан узоқ муддатли лойиҳани бошлади. Лойиҳанинг биринчи йилида бажариладиган ишларни муҳокама қилиш мақсадида институт директори Тошпўлот Ражабов ва мева-сабзавотчилик ва узумчилик кафедраси доценти Рустам Рахимовлар ушбу университетга амалий ташриф уюштирди.
Сафар давомида Ханкёнг Миллий университети ректори профессор Вонҳи Ли ва университет мутасаддилари билан учрашув ўтказилди. Мулоқотда дастурда белгиланган вазифаларнинг ижросини сифатли амалга ошириш, олинадиган натижалар асосида кейинги босқичларда янги лойиҳалар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, институтда ақлли мевачилик ва сабзавотчилик соҳаси бўйича ўқув режалари ва фан дастурларини такомиллаштириш, корейс олимлари билан ҳаммуаллифликда янги дарслик ва ўқув қўлланмаларини чоп этиш ҳамда ушбу йўналишда тадқиқот ва амалиёт соҳаларини кучайтириш ишларини ташкил қилиш режалаштирилди.
Ҳанкёнг миллий университетидаги ақлли иссиқхоналар, дала тажриба майдонлари ва илмий лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишилди. Лойиҳа давомида Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтида замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 2 та ақлли иссиқхона қуриш ва уларни жиҳозлаш масалалари батафсил муҳокама қилинди. Ушбу иссиқхоналарни қуриш ишлари 2025 йилнинг биринчи ярмида бошланади.
Лойиҳанинг иккинчи йилида институтга 40 дона автоматлаштирилган мини иссиқхона лаборатория тўплами олиб келиниши режалаштирилган. Шу мақсадда, Ҳанкёнг миллий университетида фаолияти йўлга қўйилган мини ақлли иссиқхоналарнинг ишлаш жараёнлари билан танишилди.
Замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш мақсадида ҳар йили институтнинг 10 нафар магистр ва талабалари ҳамда 4 нафар профессор-ўқитувчилари Ҳанкёнг миллий университетининг илмий лабораторияларида малака ошириш ва амалиёт ўташ учун юборилиши келишилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.