Жаҳоннинг энг машҳур астрофизик олими Самарқанд давлат университетида
Самарқанд давлат университетида Янги Ўзбекистон университети билан ҳамкорликда италиялик олим, ҳисоблаш физикасининг дунёга машҳур арбоби ва қора туйнукларнинг биринчи тасвирларини яратувчиларидан Лусиано Реззолланинг очиқ маърузаси ташкил этилди.
Лусиано Реззолла коинотнинг сирли ойнаси - қора туйнукнинг биринчи сурати бўйича ўз изланишларини тақдимот қилди.
Маълумот учун, профессор Лусиано Реззолла Германиянинг Гёте университетида назарий физика кафедраси мудири. Унинг “Ҳирш индекси” 104 га тенг.
Бобомурод Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, академик:
- Юлдузлар одамзодга ўхшаб туғилади, яшайди, сўнади. Мабода жуда оғир юлдуз бўлса охирги эволуция натижасида қора туйнукка айланади. Қоратуйнук астроном олимларнинг диққат марказида бўлиб, у ҳақидаги илк натижа 1916 йилда олинган. 2017 йилда илк бор махсус радиотелескоп орқали қоратуйнуклар суратга олинди. Натижалар 2 йил давомида таҳлил қилиниб, ўта массив қоратуйнукнинг илк сурати эълон қилинди. Орадан кўп вақт ўтмай коинотда “Ўқ отар ” юлуздузчанинг ҳам сурати олинди. Иккита объектни ҳам суратга олишда профессор Лусиано Реззолланинг хизматлари жуда катта. Ушбу илмий тадқиқотлар натижасида Европадаги энг катта илмий грант қўлга киритилди. Мазкур грантда учта етакчи гуруҳ ишламоқда. Лусиано Реззолланинг Ўзбекистонга, Самарқандга келиши бу тарихий воқеа. Шуни яна алоҳида таълидлаш лозимки, астрофизик олим сўнгги 30 йил ичида бир қатор ўзбекистонлик тадқиқотчилар билан ишлаб келмоқда. Шулардан бири, Самарқанд давлат университети битирувчиси Фаррух Фаттоев. У айни вақтда АҚШ нинг Монҳеттон университети профессори… Бу каби маърузаларнинг ташкил этилиши астрономия ва физика соҳасидаги олимлар учун муҳим.
Лусиано Реззолла, Гёте университети профессори:
- Ўзбекистонга келганимдан хурсандман. Айниқса буюк олим Мирзо Улуғбекнинг юртида эканлигим менга фахр-ифтихор бағишлайди. Бугун Самарқанд давлат университетида қора туйнуклар бўйича маъруза қилдим. Тақдимотим йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Уларнинг саволларига жавоб бердим. СамДУ олимларининг қора туйнуклар бўйича қилган тадқиқотлари мен учун ҳам қизиқ. Бир қатор ўзбекистонлик тадқиқотчилар билан ишлаганман. Улар менда яхши таассурот қолдирган. Агар менда яна ўзбекистонлик талаба ва тадқиқотчилар билан ишлаш имкони бўлса, албатта фойдаланаман. Ўзбекистонда доимий маърузалар ўтишни режалаштирмоқчиман.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.