Боғча ёшидаги болалар нутқини ўстиришда болалар фольклорини ўргатиш қанчалик муҳим?

Самарқанд давлат университети мактабгача ва бошланғич таълим факультети талабаси Машҳура Равшанова “Мактабгача таълим ташкилотларининг тайёрлов гуруҳлари нутқ ўстириш машғулотларида болалар фольклори намуналаридан фойдаланиш” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради.
– Фольклор материаллари болаларнинг ёш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, тарбияланувчиларимизнинг билим ва ҳиссий ривожланишига ёрдам беради, - дейди Машҳура Равшанова. - Қўшиқ, мақол, матал, тез айтиш, айтим-олқиш, эркалама, овутмачоқ, қайтармачоқ, чорлама каби болалар фольклори намуналари биринчи ўринда, катталар ва болалар ўртасида ишонч ва меҳр муносабатларини шакллантиради. Халқнинг бой миллий, маданий, тарихий мероси воситасида болалар маънавий ахлоқий сифатларини тарбиялаш, мактабгача ёшдаги болаларда билим олишга бўлган эҳтиёж ва ўқишга бўлган қизиқишларини шакллантириш, уларни таълим жараёнига тайёрлаб бериш каби вазифаларни бажаради.
Бола нутқ жараёнида бевосита ҳиссиётга таянади. Болалар фольклори намуналари боланинг ҳиссиётларини бойитиш ҳамда унга матн мазмунига мос келадиган ҳиссиётларни ифода этиш кўникмасини шакллантириш каби хусусиятлари билан муҳим ҳисобланади. Болалар фольклорлари боланинг ижодий қобилиятларини рағбатлантиради, тасаввурини уйғотади. Бола тафаккурини ривожлантириб, ўз фикрини эркин баён қилиш малакаларини шакллантиради.
Тарбиячилар болалар фольклоридан индивидуал ва жамоавий дарсларида ҳамда бўш вақт машғулотларида фойдаланишлари мумкин. Болалар фольклори нутқ терапевтларига болалар билан алоқа ўрнатишда, болаларни чиройли ва ифодали нутққа ўргатиш учун қулай шароит яратишда ёрдам беради. Уларда ташаббускорлик, ташкилотчилик, топқирлик қобилиятлари ривожланади.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.