Мактабгача ёшдаги болалар нутқини ривожлантириш йўллари
Самарқанд давлат университети мактабгача ва бошланғич таълим факултети талабаси Фараҳноз Бекмуродова “Мактабгача ёшдаги болаларнинг боғланишли нутқини ўстириш йўллари” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради.
– Бола улғаяр экан, унда сўзлашишга эҳтиёж пайдо боʻла бошлайди, - дейди Фараҳноз Бегмуродова. - Дастлаб атрофдагиларини танийди, эшитган соʻз ва жумлаларини аста-секинлик билан ўзлаштиради. Тилга киргач эса унинг сўз бойлиги жадал ўсади. Оддий сўзлар, кейинчалик содда гаплардан ва тўлиқ, ёйиқ гаплардан фойдаланади. Диалогик нутқ оилада, ота-она, ака-опалар даврасида вужудга келади. Ўзига керакли нарсани сўраш учун ҳаракат қилади, мулоқотга киришади. Мактабгча ёшдаги болаларнинг нутқини ўстиришда олдиндан тайёрланган мавзуларда суҳбатлар, театрлаштириш усуллари, саҳналаштириш ўйинлари, савол-жавоблар жуда фойда беради.
Таъкидлаш жоизки, бола учун катта ёшли одам саволларга жавоб топишнинг ягона воситаси, қизиқарли таассуротлар манбаи ҳисобланади. Бола катталар билан диалогга киришишга, нарсалар ва ўйинчоқларга эгалик қилишга интиларкан, у ушбу мақсадларга эришиш учун сўздан фойдаланишга эҳтиёж сезади, баъзида ўзи ташаббус кўрсатиб, фикр билдиради. Катта ёшли одам бола билан диалогга киришиш жараёнида боланинг бир сўзли фикрларини грамматик жиҳатдан тўлиқ шакллантирилган сўзларга айлантириш орқали унинг камчиликларини тузатади. Бола ўрганганларини фаол оʻзлаштиради ва ундан ўз нутқида фойдаланади. Шунинг учун мактабгача ёшдаги болалар нутқини ривожлантиришда унинг ота-онаси, ака-опалари ва тарбиячиларининг ҳиссаси катта.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.