Телевизордаги рекламалар фарзандларимиз тарбиясига қандай таъсир қилмоқда?

Ахборот технологиялари инсониятнинг ҳаёт тарзи, таълим ва меҳнат жараёнлари, оилавий муносабатлари ҳамда давлатнинг фуқаролик жамияти билан ўзаро алоқасида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Жамият ахборотлашувининг жадаллашуви ижобий жиҳатлар билан бир қаторда, болаларни зарарли ахборотлар таъсиридан ҳимоя қилишни тақозо этмоқда. Айниқса, ахборот хуружларининг турли кўринишларидан ўсиб келаётган авлодни ҳимоя қилиш, болаларда ахборот истеъмоли маданиятини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Жаҳонда юзага келган қатор тенденсиялар кишилик жамиятининг турли соҳаларини тубдан ўзгартириш, ахборот тизимлари хавфсизлигини таъминлаш ва таълим-тарбия жараёнида ахборот технологияларини татбиқ этишни тақозо этмоқда. Ахборот ҳажми, уни сақлаш, қайта ишлаш ва узатишнинг технологик имкониятлари кенгайиб бориши улардан жамиятнинг барча тармоқларида фойдаланишга замин яратмоқда. Бу эса ўз навбатида ушбу тармоқларда хусусан, таълим-тарбия жараёнларида ҳам ахборот тизимлари хавфсизлигини таъминлаш масаласини келтириб чиқармоқда. Шу боис болаларни зарарли ахборотлар таҳдидидан ҳимоя қилиш технологиясини такомиллаштириш ва бу орқали ўқувчиларни турли ғоявий таъсирлардан ҳимоялаш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Сир эмаски, кундан-кунга болалар ва ўсмирлар аудиториясига мўлжалланган рекламалар сони, айниқса, болалар телеканаллари ва ОАВда ортиб бормоқда. Дунёнинг кўпгина давлатлари рекламанинг болаларга салбий таъсири билан курашмоқда ва товарлар маркетингининг ёшларга таъсирини чеклаш бўйича қарорлар қабул қилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Озиқ-овқат, жисмоний фаоллик ва соғлиқни сақлаш бўйича Глобал стратегиясида ҳам соғлиқ учун зарарли ва фойдаси кам бўлган маҳсулотлар тарғиботи рағбатлантирилмаслиги маълум қилинган. Айрим ўринларда телевидение орқали болалар учун намойиш этиладиган барча кўрсатувларни хам биз болалар тарбияси учун фойдали дейишдан йироқмиз. Бу ўринда телевидения орқали намойиш этиладиган рекламаларга эътибор қаратсак. Айрим давлатларда теле- ва радио каналлар эфирлари учун махсус кодекслар мавжуд бўлиб, уларга мувофиқ, болаларга бўрттирилган рекламани тарқатиш, маҳсулотнинг истеъмол хусусиятларига кўра болаларни чалғитадиган, алдайдиган, уларни ишончини суиистеъмол қиладиган рекламаларни жойлаштириш мумкин эмас. Дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакати, хусусан Австралия, Малайзия, Жанубий Корея, Россия Федератсияси ва Европанинг кўплаб давлатларида болалар учун мўлжалланган телевиденияедаги рекламаларга маълум чекловлар ўрнатилган миллий қонун ҳужжатлари мавжуд. Мазкур ҳужжатларда одатда вақт бўйича ёки дастурлар турларига, ёхуд аниқ маркетинг усулларидан, хусусан мултфилм персонажларидан фойдаланишга чекловлар ўрнатилган. Масалан Буюк Британияда – болалар каналларида ёки улар учун мўлжалланган кўрсатувларда, болалар аудиторияси учун мўлжалланмаган рекламаларни жойлаштириш тақиқланади, кўрсатувлар танаффусида болаларга мўлжалланмаган кўрсатувлар анонси, шунингдек почта, электрон почта, телефон ёки алоқа воситалари орқали буюртма бериш мумкин бўлган рекламаларни жойлаштириш мумкин эмас. Нигерия ва Таиландда болалар аудиториясига йўналтирилган барча реклама миллий давлат органи томонидан рухсат этилган бўлиши лозим. Австралия, Филиппин, Таиланд ва Буюк Британияда озиқ-овқат рекламасида ёлғон маʼлумотларни тақиқловчи қоида амал қилади, Франция қонунчилигида эса телевидение ва радиода озиқ-овқат рекламасини соғлом овқатланишнинг фойдаси тўғрисидаги хабар билан бирга жойлаштирилиши белгиланган. Хитой, Дания, Финляндия, Малайзия, Жанубий Корея, Руминия ва Буюк Британияда соғлом овқатланишни рағбатлантирувчи ва овқат ўрнини босувчи сифатида газакларни (картошка чипслари, крекер ва бошқалар) реклама қилинишини тақиқловчи қоидалар амал қилади.Норвегия, Канада (айрим ҳудудларида) ва Шветсияда болаларга мўлжалланган телекўрсатувларида ҳар қандай рекламаларнинг намойиши тақиқланган. Белгия, Ветнам, Португалия, Канада ва Германиянинг баʼзи ҳудудларидаги мактабларда ҳар қандай шаклдаги рекламаларни жойлаштириш хам рухсат этилмаган. Финляндия, Франция, Греция ва Люксембург давлатларида эса агар реклама таълим олишга қаратилмаган бўлса, мактаб ҳудудида уни жойлаштириш ман этилган. Мазкур масала жуда ҳам долзарб, реклама саноатини ривожланиши билан болалар ёки ўсмирлар аудиториясини у ёки бу рекламанинг салбий ва зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тобора қийинлашиб бормоқда. Чунки, реклама болаларга, уларнинг турмуш тарзига, ўзини тутиши, одатлари ва диди, қарашларига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Ва, албатта, бунда ота-оналарнинг ўрни бўлиши ва улар болалар учун намуна бўлиши керак. Асосийси, болаларни реклама таъсири билан курашишга, ҳеч бўлмаганда рекламада жойлаштирилаётган маълумотларни қай бири яхши, қайси ёмонлиги тўғрисида тушунтириб бориш орқали уларга ёрдам бериш муҳим.
Ҳилола Нуриддинова,
Самарқанд давлат университети докторанти.