Манбашуносликдаги муҳим тадқиқот: “Марказий Осиё суғдий ёзма ёдгорликлари каталоги”
Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти (МИЦАИ) ҳамкорлигида, ЮНЕСКОнинг “Жаҳон ёзма ёдгорликлари” дастури доирасида “Марказий Осиё суғдий ёзма ёдгорликлари каталоги” (Каталог памятников согдийской письменности в Центральной Азии. Catalogue of Sogdian writings in Central Asia. – Самарканд: МИЦАИ, 2022. – 248 с.) яратилди.
Тадқиқотда Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан топилган 90 дан ортиқ суғдий ёзма ёдгорликлар тавсифи келтирилган. Каталогда ҳар бир ёдгорликнинг қуйидаги хусусиятлари акс эттирилган:
- Cуғдий ёдгорликнинг қай ҳолатда ва қайси археологик объектдан топилганлиги;
- Ёдгорликнинг тузулиши ва бугунги кундаги ҳолати;
- Қаерда сақланиши;
- Суғдий ёзма ёдгорликдаги ёзувнинг транслитерацияси;
- Транслитерациянинг рус ва инглиз тилларига таржимаси;
- Рус ва инглиз тилларида битик ҳақида изоҳ;
- Библиография;
- Иллюстрация (ёдгорликнинг расми).
Суғдий ёзма ёдгорликлар каталоги Самарқанд давлат университети (Бобир Ғойибов), Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейи (Павел Лурье), Берлин-Брандебург Фанлар академияси (Алишер Бегматов), Тошкент давлат шарқшунослик университети (Мирсодиқ Исҳоқов), Россия Фанлар академияси Моддий маданият иститути (Валентина Распопова), Ўзбекистон Республикаси Миллий археология маркази (Ғайбулла Бобоёров) олимлари томонидан ҳаммуаллифликда яратилган.
Каталог ЮНЕСКОнинг “Жаҳон ёзма ёдгорликлари” лойиҳаси доирасида бажарилган.
Cамарқанд давлат университети
Ахборот хизмати