Ўтган асрнинг муҳаббат ҳақидаги энг гўзал қиссаси деб баҳоланган асарни биласизми?
Машҳур қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг “Жамила” қиссаси ХХ асрнинг энг гўзал “муҳаббат қиссаси” сифатида тан олиниб, дунёнинг 50 га яқин тилларига таржима қилинган. Асар Жамиланинг қайниси бўлажак рассом Сейид тилидан ҳикоя қилинади. Асар уруш йилларида овул ҳаётида, одамларнинг машаққатли турмуши, жамиятнинг биргина бўғини: Жамила ва Дониёр ҳамда Сейид оиласи атрофида қаламга олинган ва бу билан урушнинг бутун даҳшатини кўз олдингизда гавдалантиради.
Уруш нафақат эркаклар, балки аёллар ва болалар, кекса-ёшни баравар меҳнат қилишга мажбур қилади. Жумладан, Дониёр бир оёғи оқсоқ бўлса-да бутун бир соғлом одамлар қаторида заҳмат тортиб меҳнат қилади. У камгап, оғир вазмин, устида биргина жулдур шинели ва дарбадар ҳаёти бор. Аммо уни ўта ночор деб, камбағал деб ҳам бўлмайди. Дониёрга буюк ва қодир Яратган томонидан инъом этилган соҳир овоз ҳам берилган бўлиб, у Ватанга бўлган муҳаббатини шу овозга жо қилиб, ажиб бир қўшиқ яратади.
Буни “моҳир” рассом бола Сейид тилидан ўқиган ўқувчи гўё шу овозни эшитгандек бўлади. Сейиднинг чексиз муҳаббатга лиммо-лим қалби бор. Агар шундай бўлмаганда бундай гўзал, мунгли қўшиқлар яралмасди. Унинг кам гаплиги ҳеч нарсани билмаслигидан эмас, балки кўп нарсани билиши, сезишидандир. Шу билан бирга унинг теран, қайсидир маънода хотираларга бой, сирли, ўйчан фақат ўзигагина аён сеҳрли дунёси бор. Унинг бу гўзал дунёси асарнинг бирор-бир ўрнида муаллиф томонидан тасвирланмаган бўлса-да, буни унинг ўша олисларга термилган чексиз кўзлари ортидаги поёнсиз дашт, шарқираб оқаётган дарё сувлари билан ошуфта мунгли қўшиқларидан пайқаш мумкин.
Дониёр ҳақиқатда севишга ва севилишга муносиб қаҳрамон сифатида ўқувчида сўзсиз, имо – ишорасиз ғойибдан муҳаббат уйғотади. Энди Жамилага тўхталадиган бўлсак:
Жамила бахтиёр ва масъуд севгига тўла одамларни ёри билан ўтказиши керак бўлган такрорланмас онларини айрилиқда ўтказаётган образ. Унинг бундай йўл тутишига, ўша номинг ўчгур уруш ҳам сабабчи эмас эдими?! Агар ундан севган ёридан айрилмаганда, Дониёрга қиё боқармиди? Унинг ўз эри севгиси билан тўлган қалбида Дониёрнинг севгисига ўрин бўлармиди? Дейлик уруш барча халқларники эди. Барча халқларнинг бошига бирдек кулфат ёғдиради. Кимнидир севган ёридан, кимнидир дилбандидан, кимнидир меҳрибон отасидан айиради. Бу дегани урушда қон кечиб юрган ўғлоннинг хотини шартта бошқаси билан қочиб кетиши керак дегани ҳам эмас. Яъники Миртемирнинг “Сурат” достонидаги ошлоннинг айтгани каби:
“Барчинойдек кутганинг қани?
Зардобу қон ютганинг қани?
Умр йўлида то юмгунча кўз,
Бирга – бирга кетганинг қани?
Гуноҳим не Жангда бўлганим,
Қон кешганим, ё бор ўлганим.
Дийдорингни унутолмайин,
Ўлимлардан хатлаб келганим”.
дея қайсидир маънода Жамиланинг қилмишини инкор этгандай…
Аммо Жамиланинг муҳаббатини адибнинг ўзи ҳам Дониёрга муносиб кўргандек бўлади, гўё бу “севги қиссаси” фақат ва фақат Жамила ва Дониёрники бўлиб қолиши керакдек…
Шундай бўлади ҳам, Жамиланинг соф ва самимий, беғубор дунёси Дониёрнинг олами билан қўшиб пайвандланганда икки ошиқ қалбга хос бўлган олам янада муштарак бўлиб гўзаллашади.
Энг машаққатли йўл “жасорат” йўлидир. Жасорат кўрсатмасдан, қаҳрамонлик қилмасдан тилга тушиш, тарихга айланиш мумкинми ахир? Жамила ҳам севги – муҳаббатда шундай бир жасорат кўрсатиб, белгиланган чегарани бузиб ўтиб, беғубор севгисини Дониёрга, Дониёрнинг севгисига поёндоз қилмаганда, бугун бутун дунё тан олган гўзал муҳаббат қиссаси яралармиди?!
Иқбол Оромова,
Самарқанд давлат университети
Филология факультети талабаси